Хўжаипок – Термиз-Денов туристик йўналишида жойлашган ҳам табобат ҳам зиёрат маскани ҳисобланади. Хўжаипок номи Абдураҳмон ибн Анд хазратларига берилган нисбат. Ушбу ғор Кенаги тоғ этакларида жойлашган. Ғорнинг узунлиги мутахассислар томонидан тўлиқ ўрганилмаган. Ғорнинг юза қисмидан қайнаб чиқадиган шифобахш булоқ суви 45 метрлан, кичик ер ости дарё сувидан оқиб чиқади. Ғордан секундига 200 литр сув оқиб чиқади. Сув таркиби Симашка номли илмий текшириш маркази лабораторияси томонидан текшириб кўрилганда натрий, калий, кальций, гидрокарбонат натрий, кремний кислотаси, азот, темир, алюминий ва бошқа микроэлементлардан иборатлиги аниқланган. Ғорнинг 1 литр суви таркибида 10-11 млгр. олтингугурт мавжуд бўлиб, тери, ошқозон-ичак, артрит, асаб касалликлари, акушер-гинекологик касалликларига даво. Ғор ичида табиий ванналар ҳам мавжуд. Ғордан келадиган сувни шифобахшлигини одамлар қадимдан билганлар ва ундан фойдаланганлар.
30
Хўжаикон туз ғори
Хўжаикон туз ғори - Ўзбекистонда, хусусан Шеробод туманининг Хўжаикон туз ғорида бир неча йиллардан буён санатор-курорт даволаш услуби ривожланиб келмоқда. Шулардан бири туз ғорида соғломлаштириш профилактикаси усули билан даволаш тури Спелеотерапия деб аталиб, Хўжаикон туз ғори 1989 йилда очилган. Спелеотерапия – нафас олиш йўллари: астма, сурункали бронхит, зотилжам асоратлари каби касалликларни даволайди. Иммунитети пасайган ва бир хил тери касалликларга йўлиққан беморларга ҳам туз ғорларида вақтини ўтказиш жуда фойдали натижа беради. Хўжаикон туз ғорининг бошқа туз ғорларидан афзаллиги иқлими қуруқ ва денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашганлигидир. Хўжаикон туз ғорининг узунлиги 155 метр, ҳажми 900 метр 3, ғорнинг ичида 5 та даволаш хоналари мавжуд бўлиб, хоналар бир-биридан ҳарорати, намлиги, босими ва микроэлементлари билан фарқ қилади.
25
Фаёзтепа буддавийлик монастири
Фaёзтепа - мил. 1-3 асрларга оид вихара типидаги буддавийлик монастир-ибодатхонаси. Термиз шаҳри яқинидаги Эски Термиз шаҳар харобаларининг шимоли-ғарбида Қоратепадан 1 км шимоли-шарқда жойлашган.
Фаёзтепанинг очилиши 1968 йилнинг баҳорида чўпон Абсад Бекнаев томонидан мергелий оҳак тошидан ишланган будда санамини кўчма қум устидан топиб, Термиз ўлкашунослик музейига топширишидан бошланди. Ёдгорлик 1968-76 йилларда археолог Л.И.Альбаум томонидан ўрганилди. Фаёзтепа майдони учма қумлар уюмидан тозалангач, унинг меъморий тарҳи очилиб, у 3 қисмдан иборат монументал иншоот, яъни марказий қисми тўғри тўртбурчак айвонли ҳовлили ибодатхона ва унинг атрофи бўйлаб жойлашган 20 та хонадан иборат бўлган. Унинг шимоли-ғарбида монастир, жануби-шарқида эса хўжалик қурилиш иншоотлари аниқланган. Бинонинг умумий узунлиги 117 метрга, кенглиги 34 метрга тенг бўлган. Мажмуанинг умумий майдони 1,5 минг кв. м га яқин.
52
Тўпаланг сув омбори
Тўпаланг сув омбори —Вилоятда 5та сув омборлари мавжуд бўлиб, шулардан бири Тўпаланг сув омборидир.Унинг қурилиши 1982 йилда бошланган. Бугунги кунда тўғон баландлиги 122метр, тўғондан тўкилган тоғ жинслари 9,1 млн.м3 ва сув омборида сув йиғиш 120,3 млн.м3 ни ташкил этади. Тўпаланг сув омбори табиат кўринишларига бой энг жозибадор маскандир.
Сув омборининг асосий сув манбаи Тўпаланг дарёси эса, жанубий Ҳисор тоғ тизмаларидан оқиб тушувчи Қоратоғ ва Тўпаланг дарё сувларининг қўйилиши натижасида пайдо бўлади ва Амударёнинг ўнг ирмоғи ҳисоблнади. Тўпаланг тожикча “Қизилдарё” маъносини англатади. Дарёнинг узунлиги 175км, ҳовуз майдони 13500км² ни ташкил этади. Июндан август ойигача дарё сувга тўлади. Ўртача сувнинг сарфланиши 6 км масофада Мангузар бошидан 65,8м³ ташкил этади.
7
Териз ҳайвонот боғи
МДҲ ҳудудидаги энг кўҳна ҳайвонот боғларидан бири бўлган Териз ҳайвонот боғи 1934 йилда 20 гектарлик ҳудудда ташкил этилган. Ҳозирги пайтда ҳайвонот боғида
141 турдаги 382 экзотик ва ноёб ҳайвонлар бор. Уларнинг учдан бири “Қизил китоб” га киритилган.
41
Тешик тош ғори
Тешиктош Ғори - Воҳанинг мўътадил иқлими гўзал табиати ва ниҳоят жанубий Ҳисор тоғ тизмалари туркумига кирувчи Бойсун ва Кўҳитанг тоғларида мавжуд бўлган ғорлар, мўнгликлар, даралар ибтидоий давр одамлари учун манзилгоҳ бўлиб хизмат қилган. Ана шундай манзилгоҳлардан бири Тешиктош ғори – мустье маданиятига мансуб неандерталь одам маконидир. Бойсунтоғ (Сурхондарё вилояти) даги Зовтолошсой дарасида денгиз сатхидан 1500-1600 м баландликда ғорнинг шипи тешик (номи хам шундан) баландлиги 7 м, эни 20 м, чуқурлиги 21 м. Сахни кираверишига нисбатан юқорига кўтарилиб боради. Тешиктош ғорини биринчи марта 1938-39 йилларда акад. А.П.Окладников ўрганган. Ғорнинг маданий қатламлари унча қалин бўлмаган сариқ лойқа остида сақланиб қолган.
Тешиктош ғорининг топилиши Каспий денгизидан то Тинч океанигача бўлган ҳудудда оламшумул муҳим кашфиёт ҳисобланади. Бу ерда 9 ёшли неандертал боланинг танаси ва бош суяклари қолдиқларини топилган. Неандертал одамнинг тана суяклари атрофида эса тоғ эчкисининг шоҳлари тартиб билан терилиб, унинг атрофига қизил рангли бўёқлар сепиб қўйилган. Тешиктош ғорининг илмий тадқиқ қилиш жараёнида 3 мингга яқин меҳнат қуроллари, шу жумладан тош пичоқлар, қирғичлар ҳамда ўткир учли пайконлар борлиги аниқланган.
8
Сурхон ипаги мезейи ва ҳунармандчилик маркази
“Сурхон ипаги” МЧЖ шаклидаги корхонаси Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида жойлашган. Асосий фаолияти пиллани қайта ишлаш, ипак хомашёси ишлаб чиқариш бўлиб, бир неча йиллардан буён шу соҳада фаолият юритиб келмоқда.
Корхона вилоятнинг маркази бўлган Термиз шаҳрига шимол томондан кириш жойида жойлашган бўлиб, Термиз шаҳрига кириб келаётган ҳар бир кишининг кўзига яққол ташланади ҳамда қизиқиш уйғотади.
23
Султон Саодат мажмуаси
Султон Саодат мажмуаси – Термиздаги меъморий ёдгорлик бўлиб, 12 – 17 – асрларда бунёд этилган. Термизнинг шимоли-шарқида жойлашган бу зиёратгоҳ етти аср давомида шаклланган. Йигирмага яқин мақбараларни ўз ичига олади. Унда Саййидлар сулоласининг мақбаралари жойлашган. Халқ орасида Султон Саодат мақбараси номи билан машҳур бўлган мақбаралар 12 асрда, қолганлари, асосан, 15-17- асрларда ёнма-ён қурилиб, узун ҳовлининг икки томонини эгаллаган. Мақбаралар пештоқ ва гумбазли чорси хоналар (9х9,05 м ва 10,15х10,25 м)дан иборат. Ҳовлининг тўридаги пештоқ ва икки қанотдаги гумбазли мақбаралар бир хил тарҳда, жанубдаги мақбара зиналар ҳисобига кичикроқ кўринади. Шимоли-ғарбдаги мақбаранинг қурилма ва безаклари оддий ғишт(27х27х5см)дан жуфт-жуфт қилиб терилиб, мавжли безак ҳосил қилинган. Ички хона деворларига ғиштдан ҳошияли бўртма равоқлар ишланган. Жануби-ғарбдаги мақбара шимоли-ғарбдагидан бир оз кичик, кўриниши оддий, ганч сувоқли. Мазкур икки мақбара орасидаги пештоқли супа тўрига меҳроб жойлашган. Сиркор кошинлар бинога алоҳида ҳусн бағишлаган. 15-17-асрларда қурилган мақбараларда ўша даврга хос юлдузсимон гириҳ нақшлар, ганчкори безаклар кенг қўлланилган. Мажмуа мустақилликдан кейин таъмирланиб, зиёратгоҳга айлантирилган.
28
Саъид Ваққос мақбараси
Саъид Ваққос – асли исмлари Аҳмаб ибн Абу Саъид Ваққос Термизий. Бу олимнинг туғилиш ва вафот йиллари, ижодий фаолияти ҳақида маълумот йўқ. У киши хазрат Имом Абу Ийсо ат-Термизий яшаган Буғ қишлоғи яқинида дафн этилган. Имом Термизий каби термизлик саййидлар хонадонидан бўлгани тахмин этилади. Олимлар фикрича, Шерободдаги Абдуллоҳ Саъид Ваққос мақбараси 11-12 асрларда барпо этилган. Демак, Абдуллоҳ Саъид Ваққос Термизий бундан анча олдинроқ яшаган. У кишининг “Тақдир ул-башар” номли асари бўлган.
51
Сангардак шаршараси
Сангардак шаршараси – Термиз шаҳридан 205 км масофада Сариосиё туманида жойлашган. Шаршара сувлари тоғнинг 150 метр баланд қисмидан оқиб тушади ва унинг сув томчилари ерга урилиб, майда заррачалар ердан кўтарилиб ҳавода туман ҳосил қилади. Буни кўриб киши нафақат завқланади, балки томчилар оҳангидан ҳосил бўлган мусиқа кишини оҳанграбодек ўзига тортади. Дарё бўйларида ёввойи ўсимликлардан: анжир, узим, тамариска, арча ва бошқа дарахтлар ўсади.
Сангардак шаршараси айниқса, баҳор, ёз ва куз мавсумларида чиройли кўринади. Сангардакдан 30 км масофада Хондиза дам олиш маскани жойлашган бўлиб, у ерда ёзнинг иссиқ кунларида ҳам салқин ҳаво ҳукм суради. Дам олиш маскани ноёб ўсимликлар ўсадиган кўркам табиат қўйнида жойлашган, аҳолининг севимли маскани ҳисобланади.
38
Сайроб чинори
Сайроб чинори - умр боқий дарахт дея эъзозланиб келинаётган «Чинор бобо» минг ёшга тўлган. Воҳанинг Сайроб қишлоғидаги ана шундай икки туп кўҳна чинор танасидаги каттакон ковакдан илгари аскарлар қароргоҳи, 1920 йилда қишлоқ кенгаши идораси, 1932-1934 йилларда кутубхона, 1936 йилда қишлоқ савдо дўкони, мактаб, чойхона, сартарошхона сифатида фойдаланилган. Ҳозир эса унинг ичида мўъжазгина музей ташкил этилган.
Чинор табиий ёдгорлик сифатида муҳофазага олинган. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур чинорлар остида асрлар давомида жилоланиб оқиб турган булоқ ва ундаги қоратусли балиқларни бошқа жойда учратмайсиз. Булоқ суви оқиб чиқадиган туйнуклар бўлса-да, юзлаб балиқларнинг бирортаси бу ерни тарк этмаган. Бойсунликлар ушбу азим чинорлар остида улуғ шоир ва давлат арбоби Бобур тин олиб ўтганини фахрланиб гапиришади.
39
Омонхона санаторийси
Cурхондарё воҳасининг Бойсун тумани марказидан шарққа томонда катта автомобил йўли четидаги кўрсатгич сизни Омонхона санаторийси томон олиб боради. Шу ерлик кексаларнинг айтишларича, одамлар Омонхонада 700 йилдан буён яшаб келмоқда. Қишлоқда жойлашган кўҳна қабристон, ундаги қабртош битиклари ҳам шундан далолат бериб туради. “Омонхона” аслида бу атаманинг замирида ҳам қишлоқ мўъжизаларига, улар ҳақидаги ривоят ва афсоналарга мос маъно мужассамлашган. “Омон” – соғ, саломат, хавфсиз, тинч, осойишта мазмунларини англатса, “хона”-жой, ўрин, манзил, макон деганидир. Демак, “Омонхона” сўзи осойишталик ҳукм сурадиган, соғ-саломат бўлиб умр кечириладиган, тинч бир маскан маъносига эга. Катта йўлдан бурилгач адирликлар оралаб 15 километрлар юрсангиз қишлоқ марказига етиб борасиз
5
Мотамсаро она ҳайкали
Икки гектар жойни эгаллаган замонавий майдонда Мотамсаро она ҳайкали қад ростлади. Майдонда замонавий архитектура ва меъморлик анъаналарини мужассам этган кенг айвон барпо этилиб, альюминийдан тайёрланган махсус китоблар ўрнатилди. Ушбу китобларга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган сурхондарёликларнинг исм-фамилияси зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Аввалги Хотира майдонида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган 20 мингдан ортиқ сурхондарёлик аскарнинг исм-фамилияси ёзиб қўйилган эди. Сўнгги йилларда аниқланган яна 4 мингга яқин юртдошимизнинг исм-фамилияси бу рўйхатга киритилди, зиёратчилар учун барча қулайлик яратилди.
42
Хўжа ғур-ғур ота (Дарк Стар ғори)
Хўжа Ғурғур Ота - Ўзбекистоннинг “ер ости Жомолунгмаси” ёхуд дунёда энг чуқур ғори номига даъвогар.
“Ушбу сатрлар муаллифи 1988 йили журналистика сўқмоқларида Россиянинг Свердловск (Ҳозирги Екатеринбург) шаҳридан келган бир гуруҳ ёш спелеолог-ғоршуносларни учратганди. Улар Бойсун тоғларида собиқ Иттифоқ ҳудудида энг баланд бўлган, бир неча километрга чўзилувчи ва бир-бири билан туташувчи ғорлар силсиласини тадқиқ қилгандилар. Уларнинг мақсади энг чуқур ва энг узун ғорларни топиш эди. Келгусида, эҳтимол яқин йиллар ичида ўзимизнинг ёш ғоршунос, археолог ва санъатшунослар олимлар Бойсун ва Кўҳитанг тоғларидаги ғаройиб ғорларни Зараутдан қолишмайдиган, балки ундан-да қадимийроқ бўлган ибтидоий санъат асарларини топиш мақсадида тадқиқ қилишар, нафақат ўтмиши, балки келажаги ҳам буюк бўлган она диёримиз—Ўзбекистоннинг оламаро шуҳратига шуҳрат қўшишар!” Мазкур иқтибос ўн беш йил муқаддам (2003) дунё юзини кўрган “Зараутсой тилсимлари” китобидан келтирилдики, бу билан баён этилмиш мулоҳазалар маълум маъно-даражада ўз исботини эндиликда топаётгани таъкидланади. Бунга ишонч ҳосил қилмоқчи бўлган киши жорий 2017 йилнинг феврал ойида интернет тармоғи бўйлаб халқаро National Geographic сайтида эълон қилинган бир мақолага кўз ташласа кифоя. Марк Синотт қаламига мансуб материал “Ўзбекистондаги “ер ости Эверести”—дунёдаги энг чуқур ғор номига бош даъвогар” деб аталади.
Германиялик журналист Ўзбекистоннинг Бойсун тоғларида жойлашган, дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири ҳисобланувчи Dark Star--Қоронғи юлдуз (Бойсун аҳли уни азалдан Хўжа Ғурғур ота деб атайди) ғорига тажрибали спелеолог Лариса Позднякова билан биргаликда яқинда тушиб чиққан.
26
Қоратепа буддизм ибодатхоналар маркази
Қоратепадаги дастлабки буддавий ибодат иншоотлари мил. 1 асрда қурила бошлаган. Қоратепанинг энг гуллаган даври милодий 2-3 асрларга тўғpи келиб, бу пайтда ибодатхоналар кўплаб қурилган, аввалгилари эса янгиланган ҳaмдa безатилган.
Милодий 3 аср охирига келиб Қоратепа мажмуалари инқирозга юз тутди ёки вайрон этилди. Бу сосонийларнинг Кушон давлатига қилган ҳарбий юришлари билан боғлиқ. Айрим мажмуотлар хоналарига оташкадалар ўрнатилган. Айни маҳалда Қоратепа мажмуотларининг муайян қисми мил. 4-аср охири – 5 аср бошигача ишлаб турган. Мил. 4 асрдаёқ Қоратепадаги кўплаб ташландиқ хоналар ва ғор ибодатхоналаридан қабр сифатида фойдаланилган, сўнг кириш жойлари хом ғишт билан ёпиб юборилган.
21
Қирққиз қaлъаси
Қирққиз қaлъаси - Сурхондарё вилоятидаги меъморий ёдгорлик бўлиб 9-10 асрларда бунёд этилган. Термиз туманида (вайрона ҳолида сақланган). Тадқиқотчилар томонидан ушбу ёдгорлик ўтмишда қандай вазифада фойдаланганлиги ҳақида турли фаразлар мавжуд. Шаҳар ташқарисидаги зодагон саройи, қизлар мадрасаси, хонақоҳ, карвонсарой ва ҳокозо. Ўрта асрларда Термиз шаҳрининг ташқарисида жойлашганлиги қалъа шаҳар ташқарисидаги қўрғон вазифасини ўтаганлигини кўрсатади. У дунё томонларига мослаб қатъий мужассимотда бунёд этилган.
22
Кокилдор хонақоҳ
Кокилдор хонақоҳи - масжид, мадрасалардаги катта хона, зиёратчилар учун қурилган жамоатхоналар, ҳужралар хонақоҳ деб аталган. Кейинчалик сўфийлар машғулотларини ўтказишга мўлжалланган катта хона ва унинг атрофига қурилган ҳужралар ҳам хонақоҳ деб аталган. Амир Темур даврида Султон Саодат мақбараси ёнида хонақоҳ қурилганлиги ёзма манбаларда сақланиб қолган.
Кокилдор хонақоҳи – Термиз (Намуна қишлоғи)даги меъморий ёдгорлик. Халқ орасида Алоулмулк Худовандзода (Термиз ҳукмдори) кўшки, “Азизон”, “Азлар эшон”, “Кокилдор” (кокил қирқиш удуми) деб номланган. Тадқиқотчиларнинг фикрича хонақоҳ 16 асрда Шайбонийлардан Абдуллахон II даврида бунёд этилган.
27
ОКС Александрияси-Кампиртепа ёдгорлиги
Кампиртепa - Амударёнинг ўнг соҳилида Термиздан 30 км ғарбда жойлашган қадимги шаҳар харобаси. Шимолий Бақтрия ҳудудидаги бошқаларга ўхшамаган ва қизиқарли ёдгорлик-лардан бири бўлган Окс (Амударё) бўйи-даги Кампиртепа 1972 йил археологик рекогносцировка вақтида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси акаде-миги Э.В.Ртвеладзе томонидан очилган ва ҳозирги кунга қадар ўрганилмоқда.
Кампиртепа мил.авв. 4 аср охирида асос солинган шаҳар ҳисобланади. У Амударёнинг ўнг соҳилида Термиздан 30 км ғарбда ва шу йўналишдаги Музработ туманининг Шуроб қишлоғидан 1,5 км масофада жойлашган. 15 аср муарриҳи Хофизу Обрў асарида Кампиртепа Жайхун бўйидаги Пардагви-Бурдагви (Пандахейон-қадимги грек тилида “меҳмонхона”) номи остида эслатиб ўтилади.
29
Абу Исо Термизий мажмуаси
Имом Термизий мақбараси Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган бўлиб, 11-12-асрларга оид меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Ёдголик бир-биридан равоқлар орқали ўтувчи 4 хонадан иборат яхлит бино кўринишида, хоналар тарҳи 4,3 х 4,5 метр. Гўрхонадан тор узун йўлка орқали хонақоҳга ўтилади. Хонақоҳ гумбаз томли ва меҳробли.
1990 йили Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан ёдгорлик мажмуаси қайтадан таъмирланиб, зиёратгоҳга айлантирилди. 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан мақбарада таъмирлаш ишлари олиб борилди. 2000-2001 йилларда мажмуа эпиграфик материалларининг барчаси қайтадан таъмирланди. Барча битиклар хивалик уста Соҳибназар Шомуродов томонидан амалга оширилган. 2001 йилда навоийлик уста Ҳамдам Аҳрорхўжа ясаган мармар сағана ўрнатилди. Сағана шакли ва декорацияси кейинги темурийлар ва шайбонийлар даврларига ўхшаш сағаналарига тақлидан ясалган.
Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2016-2017 йилларда Абу Исо ат-Термизий мажмуасида улкан таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 450 ўринли масчит, эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси, ошхона, бешта шарқона айвончалар ва учта шарқона дарвозалар қурилди. Имом Термизий мақбараси қайта таъмирланиб, унинг ёнига қўшимча зиёратгоҳ бунёд этилди. 1120 квадрат метр жойга анвойи гуллар, 5890 квадрат метрга газон экилди.
Ёдгорлик ҳақида илк бор Д. Н. Логофет йўл очеркларида тилга олган. 1945 й. В. Л. Воронина меъморий ўлчамларини бажарган.
61
“Искандар” кўприги
Искандар кўприк - Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманлари чегарасидан ўтган Бандихонсойда ХVI асрга оид кўприк сақланиб қолган. Кўприк қурилган жойда сой 20 метр кенгликка ва 10 метр чуқурликка эга дара ҳосил қилган. Кўприк Термиз билан Чағониён ва Ҳисорни боғлаб турган муҳим карвон йўлида қурилган.
Кўприкни илмий ўрганилишини 1900 йилда рус ҳарбий зобити Б.Н.Кастальский бошлаб берган. У кўприкни ўлчаб фотосуратга олган ва бу иншоот қадимда акведук бўлган деган хулосага келган. Маълумки акведуклар жар ва шу кабиларнинг устидан олиб ўтиладиган осма нов ва ариқлардир.
1937 йилда кўприкни текширган Термиз археология комплекс экспедицияси ходими Д.Д. Букинич аксинча бу иншоотни виадук яъни сув ўтқазгич кўприк эканлигини ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича баҳорги сел оқими туфайли карвон йўлида ҳаракат тўхтаб қолмаслиги учун ана шундай кўприклар қурилган.
Академик Э.В.Ртвеладзе ва З.А.Аршавскаялар 1974-1977 йилларда охирги марта кўприкда илмий тадқиқот ишларини амалга оширдилар. Ушбу тадқиқотлардан маълум бўлишича қадимда кўприк учта вазифани бажарган. Яъни кўприк устида транспорт ўтадиган йўл ва унинг икки ёнбошида йўловчилар ўтадиган йўлакча ва сув ўтиши учун нов жойлашган.
Кўприкни тадқиқ қилган олимларнинг барчаси ушбу иншоот ҳақида тарихий малумотлар сақланмаганлигини таъкидлашган. Атрофдаги оддий халқ эса бу жойни «Ғишт кўприк», «Тош кўприк», «Искандар кўприк», «Македон кўприк» деб атаб кетган. «Македон кўприк» нинг оммалашуви туфайли ҳатто кўприк яқинидаги қишлоқ ҳам Македон қишлоғи номини олган.
Александр Македонский бошчилигидаги юнонлар милоддан аввалги 328 йилда дастлаб ҳозирги Тожикистон ҳудудидан Амударёдан кечиб ўтган бўлса, кўприкдан унчалик узоқ бўлмаган Хўжа қишлоғи яқинидан Сурхандарёдан кечиб ўтган ва ҳозирги Бойсун тумани ҳудудида бир нечта қалъаларни қурдирган (М. Қўрғонзол, Поёнқўрғон ёдгорликлари).
Искандар кўприкнинг қурилган даври номаълум. Лекин Бандихонсой устида қурилган кўприк Александр Македонский замонидан ўн тўққиз аср ўтгач Бухоро хони шайбонийлардан бўлган Абдуллахон II даврида 1557-1598 йиллар орасида, отаси Искандар шарафига бунёд этилган. Маҳаллий авом аҳли Бандихонсой устида қурилган янги кўприкни Искандархон шарафига «Искандар кўприк» деб аташган. Орадан кўп йиллар ўтгандан сўнг, оддий халқ кўприкни қурдирган Абдуллахонни ҳам унинг отаси Искандархонни ҳам унитишган. Тарихда Искандар номи билан машҳур бўлган шахс ким? Албатта Искандар Зулқарнайн яъни Александр Македонский. Шундай қилиб ХVI асрда қурилган кўприк ҳам унинг ёнидаги қишлоқ ҳам машҳур юнон лашкарбошиси Александр Македонский номи билан «Македон» бўлиб кетган.
Абдуллахон даврида қайта қурилган кўприкнинг умумий узунлиги 70 м, ўтиш қисмининг эни - 5,75 м, баландлиги - 12,1 м, paвoқ қaноти-5,8 м, пишиқ ғиштдан қурилган. Усти 3 қисм (йўловчи, транспорт ва сув ўтиши учун нов)дан иборат. Paвоқ устунлари 1950 йилда ва сув ўтказиш учун нов 1927 йилда қайта таъмирланиб бетондан ишланади.
31
Зараутсой қоятош суратлари
Зараутсой қоятош суратлари - Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги қоятош суратлари Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбида Кўҳитанг тоғининг шарқий ён бағрида, Термиздан 100-110 км шимоли-ғарбда, Шеробод тумани Қизил олма қишлоғидан 5 км шимолда Зараутсой дарасида жойлашган Зарауткамар ғоридан мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб чизма тарзида контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган 200 дан ортиқ расмлар 1912 йилда И.Фёдоров томонидан топилган. Археолог Г.Парфёнов (1940-1945), кейинчалик А.Рогинская (рассом), А.Формозов, А.Кабировлар томонидан ўрганилган. Зараутсой расмларида одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланган. Ҳайвонлар (ёввойи буқа, ит, тулки, ёввойи чўчқа, бурама шоҳли эчки, жайрон, тоғ эчкиси, ҳашарот ва б.), турли буюмлар (ўқ-ёй, найза, ўроқсимон қуроллар), ниқобланган одамлар ўзига хос тарзда ҳаётий қилиб ишланган.
62
Жарқўрғон минораси
Жарқўрfон минораси - Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Минор қишлоғида жойлашган меъморий ёдгорлик (1108-09). Хуросон меъморлик мактаби анъаналари асосида барпо этилган. Ёнида бир вақтлар пишиқ ғиштдан қурилган Жоме масжид бўлган (caқлaнмaraн). Миноранинг тепаси 16 та кунгурали устунлар шаклида ишланган бўлиб, унинг асосига тушган сари кунгуралар гўёки, ёй сингари ёйилиб кетаётгандек туюлади. Миноранинг кунгуралари куфий услубда битилган ҳошиялар билан боғланиб, ўзига хос маҳобат касб этади. Жарқўрғон минорасининг асоси 8 қиррали курсига ўрнатилган. Ҳар бир қирранинг марказида равоқли таҳмонлар ишланган. Ана шундай тахмонлардан бирида жойлашган эшик орқали миноранинг ички қисмидаги айланма зинага чиқилади. Барча миноралар сингари Жарқўрғон минораси ҳам гумбазсимон муаззимхона билан якунланади. Унинг дастлабки баландлиги 54 метрни ташкил қилган, аммо миноранинг тепаси сақланмаган. Н.Н.Каразин расмида масжид ва минора харобаси акс эттирилган (1879 й.). Миноранинг ҳозирги баландлиги 21,6 м., асоси (диаметри- 5,4 м)нинг китобасида меъмор номи Али ибн Муҳаммад Сарахсий ва қурилган санаси ёзилган (В.А.Шишкин томонидан ўқилган). Жарқўрғон минораси таъмирланган, давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Жарқўрғон минораси ўзининг шакли шамойили билан биз европаликларга катта таассурот қолдирди, деб ёзади француз қадимшунос олими Пол Лиферд. Жарқўрғон минораси арча япроқларини эслатувчи нафис нақшлар билан кўркамдир. Дарҳақиқат, минор қишлоғи ҳудудида жойлашган Жарқўрғон минораси ўзининг бетакрор нақшлари гўзаллиги, нафислиги, тиниқлилиги ва саловати билан кўрган кишини лол қолдиради.
60
“Жанубий Сурхон” сув омбори
Мирзааҳмад Қорабоев номидаги Жанубий Сурхон сув омбори — Ўзбекистондаги йирик сув омбори. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳудудида, Сурхондарёнинг ўрта оқимида, Заркамар ва Хўжамулки тўқайи ўрнида 1958—67 й. ларда бунёд этилган.
Дарё ҳавзасининг энг тор ерида тўғон қурилган. Дарё сувини мавсумий тартибга солади. Уз. 20 км, максимал эни 6,2 км, ўртача эни 2,96 км, максимал чуқурлиги 27 м, ўртача чуқ. 12 м. Тўла сув сиғими 800 млн. м3, фойдали сув сиғими 610 млн. м3. Сув сатҳи юзаси 65 км2. Ж. С. с. о. дарёнинг кайири ва уч террасасида жойлашган. Асосий иншоотлар таркибига тупроқ тўғон, эҳтиёт ташлама ва Шеробод магистрал каналига сув берадиган ўнгқирғоқ сув чиқаргич (сув сарфи 150 м3/с) киради.
Сув омбори Шеробод чўлидаги 71 мингга ерни ўзлаштириш ҳамда илгаридан суғориладиган 52 мингга ернинг сув таъминотини яхшилаш имконини берди. Сув омборида кўпгина балиқ турлари урчитиб кўпайтирилади ва овланади. 1969 й. да Жанубий сурхон сув омбори қурилишга раҳбарлик қилган Мирзааҳмад Қорабоев (1931—1969) номи берилган.
59
Далварзинтепа ёдгорлиги
Далварзинтепа – қадимги шaҳар харобаси. Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани маркази - Шўрчи шаҳридан 10 км шимоли-шарқда жойлашган. Майдони 47 га, Далварзинтепа 2 қисмдан: қудратли мудофаа девори (қалинлиги 10 м.гача) билан ўраб олинган шоҳ сарой қалъаси ва шаҳарнинг ўзидан иборат. Шаҳар ҳам мудофаанинг истеҳкомли тизимига эга бўлиб, бу ерда аслзодалар, ҳунармандлар, кулоллар, савдогарлар ва руҳонийлар истиқомат қилишган. Далварзинтепада 1962-67 йил дастлабки текширув ишлари олиб борилган.
Кушон подшолигининг дастлабки пойтахти Далварзинтепа ўрнида бўлган. Мил.авв. 2 аср охири 1 асрларда ҳозирги Далварзинтепа ўрнида кичик манзилгоҳ пайдо бўлган. Кушон подшоларидан Канишка даврида Далварзинтепа шаҳар сифатида шаклланган. Мил. ав. 1 аср охири - милод бошларида Шимолий Бақтрия ҳудудида Далварзинтепадан бошқа бунчалик йирик шаҳар манбаларда қайд этилмаган. Шаҳар ҳудудида уни бир қанча маҳаллаларга ажратган шоҳкўчалар, шунингдек, торкўчалар бўлган.
Мил. 3 аср охири – 4 аср бошларида Кушон подшолиги эфта-лийлар томонидан забт этилгандан кейин Далварзинтепа вайрон қилиниб ҳаёт фақат унинг бир қисмидагина (ҳозирги қалъа (ҳисор) шоҳ саройи ўрнида) сақланиб колган.
Кушон салтанатининг инқирози ва III — IV асрлар охирида Бақтрия жамияти ҳаётида бошланган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёни ҳудуддаги шаҳарлар майдони қисқаришига олиб келди. Кўпгина шаҳарларда ҳаёт тўхтади. Бу жараён Жанубий Ўзбекистон ҳудудидаги Кушон шаҳарлари тарихида ҳам ўчмас из қолдирган. Шаҳарларнинг кўпчилиги таназзулга юз тутган ва умуман йўқ бўлиб кетган. Фақат айрим шаҳарлардагина ҳаёт давом этган, бироқ уларнинг аҳолиси кескин камайиб кетган. Бу жараёнлар Далварзинтепа, Зартепа ва Айритомдаги буддавий жамоалар фаолиятига интиҳо ясади. Термиз буддавий жамоаси ҳам оғир кунларни бошдан кечиради. Бора- бора Коратепа, Фаёзтепа ва Чингизтепадаги ибодатхона ва монастирлар ҳам таназзулга юз тутди. Вақт ўтиб, шаҳарда буддавийлик тарафдорларининг янги жойдаги фаолияти кенгайди. 630 йилда Термизда бўлган хитойлик сайёҳ, будда роҳиби Сюань Цзянь (600-664) шаҳарда минглаб роҳиблар яшайдиган ўндан ортиқ ибодатхона, кўплаб ступалар ва буюк Будда сиймолари борлигини қайд қилган. VII аср охирида араблар томонидан Тохаристон босиб олиниши натижасида буддавий ибодатхоналар бузиб ташланди, роҳибларнинг ҳужралари эса чиллахоналарга айлантирилди.
1
Вилоят тарихи ва маданияти Давлат музейи
Вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи вилоятнинг биринчи музейи бўлиб, 1933 йил ташкил этилган. Музей дастлаб 6 та бўлибдан иборат бўлган. Ҳозирда эса музей 4 та йўналишда фаолият юритиб, музей экспозициясида этнография, археология, табиат ва тасвирий санъат намуналари намойиш этилади. Табиат бўлимида намойиш қилинаётган экспонатлар воҳанинг энг камёб ва ноёб, йўқолиб бораётган фауна олами вакиллари ҳақида маълумот беради. Тасвирий санъат йўналишидаги кўргазма залидан ўтган асрнинг 50-60 йилларида яратилган бетакрор картиналар коллекцияси, шунингдек Ўзбекистон халқ рассоми, академик Рўзи Чориевнинг санъат асарлари ўрин олган. Этнография йўналишига бағишланган кўргазма залларида Сурхон воҳасининг халқ амалий санъатига бағишланган моддий маданияти намойиш этилади. 85 йиллик фаолияти давомида музей ашёлари ва коллекциялари 70 мингга етди. Музей экспозицияси ранг-баранглиги билан доимий сайёҳлар эътиборида. 2018 йилдан бошлаб музей номи Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти Давлат музейи номига ўзгартирилди ва 3 қаватдан иборат янги бинога кўчиб кўчиб ўтди.
4
Муҳташам Санъат саройи
Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг маданият ва санъатига бўлган юксак эътибори намунаси сифатида Сурхон воҳасининг Термиз шаҳрида муҳташам Санъат саройи барпо этилди.
Ушбу санъат саройида вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари, иқтидорли ёш санъаткорлар, уларнинг муносиб давомчилари халққа хизмат қилишади.
3
Вилоят Қўғирчоқ театри
Сурхондарё Вилоят Ҳокимининг 2001йил 26 ноябрдаги 218-сонли қарорига асосан вилоят қўғирчоқ театри ташкил этилди.
2002 йил январь ойидан ўз иш фаолиятини бошлаган қўғирчоқ театри ёш томошабинлар онгида маънавият тушунчаси моҳиятини миллий истиқлол ғояси асос ва тамойилларини изчил ва тўғри сингдира олиш мақсадларини кўзлаб, иш олиб бормокда.
2
Термиз археология музейи
Термиз Археология музейи –Термиз шаҳрининг 2500 йиллик юбилейига багишлаб 2002 йил 2 апрелда бунёд этилган Марказий Осиёда ягона археологияга ихтисослашган музей ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти лойиҳаси ва ташаббуси билан ташкил этилган. Экспозицияси 2 қаватдан иборат бўлиб, кириш, қимматбаҳо буюмлар сақланадиган ҳамда япон олими Като Кюдзо илмий фаолиятига бағишланган кўргазма залларидан, 2-қаватида Сурхондарё воҳасининг энг қадим тарихи, яъни мил.авв. 100-40 мингйилликдан токи 20 асргача бўлган тарихини археологик ва нумизматик ашёлар орқали намойиш этувчи 9 та заллардан иборат. Шунингдек, музейнинг бошқа музейларда учрамайдиган айвон ости галереяси мавжуд бўлиб, унда эллинистик руҳни бахш этувчи антик давр меъморчилигида ишлатиган ашёлар ўрин олган ноёб экспонатлар намойиш этилади. Музей фонди 100 мингдан ошиқ бўлиб, унинг коллекцияси асосан археология ва нумизматикадан иборат. Музей ўзининг кутубхонасига эга бўлиб, унда 16 асрдан то ҳозирги кунга қадар нашр қилинган археология, нумизматика, архитектура, топография, санъатшунослик, тилшунослик соҳаларига оид ижтимоий, бадиий, илмий, табиий ва аниқ фанларга тааллуқли адабиётлардан иборат 18 мингта нодир манбалар сақланади. Сўнгги 25 йил давомида воҳада олиб борилган археологик тадқиқотларга бағишланган илмий адабиётлар ҳам ушбу музей илмий кутубхонасидан ўрин олган.
6
Алпомиш ҳайкал ҳиёбони
Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” майдонида Алпомиш монументал ҳайкали ҳайкалтарош Қурбон Норхўрозов томонидан яратилган бўлиб, санъат асарида “Алпомиш” достонидаги бош қаҳрамон – Алпомишнинг Бойчибор отини Боботоғ чўққисидан булутлараро “учиртириб” бораётган образида таъсвирланган.
Майдонга кўрк бахш этиб турган ушбу монументни яратиш учун ҳайкалтарош уста томонидан бир йилдан ошиғроқ вақт сарфланди. Президентимиз ташаббуси билан Термизда қад ростлаган ушбу монумет I Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан кенг жамоатчиликка тақдим этилган.
24
Ал-Ҳаким ат-Термизий мажмуаси
Ал-Ҳаким ат-Термизий 9-аср охири 10 аср бошларида вафот этган. Унинг қабри устида мақбара қурилган. Ва мана шу мақбара атрофида 9-15 асрларда ал- Ҳаким ат-Термизий меъморий мажмуаси буёд этилган. Масжид, мақбара, хонақоҳ, қорихона каби бинолардан иборат ушбу мажмуа турли даврларда қурилган. Дастлаб хом ғиштдан Ҳаким Термизийнинг ўзи мударислик қилган хонақоҳ қурилган. Алломанинг вафотидан сўнг унинг қабри устида мақбара қурилиб, муқаддас зиёратгоҳга айланган. Мақбара шимолида 11-12- асрларда 3 гумбазли, равоқли йўлак кўринишидаги намозгоҳ масжиди ҳамда бир неча қўшимча хоналар қўшилган. Масжиднинг ғарбий девори марказида кенг ҳошияли меҳроб бор. Ундаги бўртма ёзув, сопол шакллар, оралиқ заминидаги ўйма ганч безаклар ўзига хос. Масжид устунлари ғиштдан безакли қилиб терилган. Масжиддан равоқ орқали мақбарага ўтилган. Мақбара ичи ганч ўймакорлигида гилам нусха безакда серҳашам пардозланган. Мақбара ичидаги оқ мармар сағана темурийлар давридаги тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунасидир. Сағана 3 поғонали асоси ислимий нақш ва ёзувли ҳошиялар билан, ўрта қисмидаги 3 меҳробий токчанинг марказий (ўрта) қисми муқарнас косачалар билан, 2 ёни шамчироқ тасвири билан безатилган. Сағанадаги ёзувларда Термизий ҳаёти ва фаолияти тавсифланган. Темурийлар ҳукмронлиги даврида (15 а.) хонақоҳ баланд асос (баландлиги 1,5 м.) устига пишиқ ғиштдан қайта қурилди.
Ал-Ҳаким ат-Термизий меъморий мажмуасида 1955-1957 йилларда рекострукция ишлари олиб борилиб, мажмуа 15 аср ҳолатига қайтарилган. 1980-1981й., 2001-2002 й., 2006-2010 й. ва ниҳоят 2016-2017 йилларда кенг қамровли реставрация ишлари амалга оширилиб, мажмуа ҳудуди ободонлаштирилди. Карманалик усталар томонидан бунёд этилган янги мармар сағана ўрнатилди. Эски темурийлар даврида қурилган сағана эса мажмуа ҳудудида жойлашган Термиз ва Термизийлар тарихи музейида намойиш этилмоқда.